my5
all

«Аёлларингиз экинзорларингиздир»

ҲИДОЯТ САРИ 22.01.2018, 15:33
3071
«Аёлларингиз экинзорларингиздир»

Аёлларингиз экинзорларингиздир. Бас, экинзорингизга хоҳлаганингиздай келинг. Ўзингиз учун (яхшилик) тақдим қилинг. Ва Аллоҳга тақво қилинг ҳамда билингки, албатта, Унга рўбарў келувчисиз. Мўминларга хушхабар бер.

Эр-хотин орасидаги ҳассос ва нозик алоқа Қуръони Карим оятларида ўзига хос услуб билан тасвирланади. Аввалги оятлардан бирида эр-хотинни бир-бирига нисбатан кийим – либос деб таъриф қилинган эди. Бу оятда эса аёллар экинзорга ўхшатиляпти. Экинзорга уруғ ташланса, ҳосил униб чиққанидек, аёлга эркакдан тушган уруғликдан фарзанд униб чиқишига ишоратан:

«Аёлларингиз экинзорларингиздир», – дейилмоқда.

Модомики, улар экинзор эканлар,

«Бас, экинзорингизга хоҳлаганингиздай келинг».

Яъни «Хоҳлаган вақтингизда, хоҳлаган ҳолатингизда жинсий яқинлик қилинг. Айни чоғда мақсад, кўзланган ғоя эсингиздан чиқмасин:

«Ўзингиз учун (яхшилик) тақдим қилинг».

Аллоҳдан қўрқиш, унга тақво қилиш ёдингиздан кўтарилмасин.

«Ва Аллоҳга тақво қилинг ҳамда билингки, албатта, Унга рўбарў келувчисиз».

Демак, эҳтиёт ва ҳушёр бўлиш керак. Оятнинг охирида Аллоҳга рўбарў келганда мўминларга яхшилик бўлишини таъкидлаб:

«Мўминларга хушхабар бер», – дейиляпти.

Энди эса оилавий, қариндошлик ва умуман инсоний алоқаларда учраб турадиган баъзи бир ҳолатларни муолажа қилишга ўтилади.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

(Тафсири ҳилол китобидан)

Шарҳлар

Кун мавзуси: коронавирус
Об-ҳаво: Ташкент
Валюта курси