my5
all

Оила – саодат қасри

ҲИДОЯТ САРИ 18.01.2018, 15:05
2647
Оила – саодат қасри

Оила инсоннинг дунёвий саодатини таъминловчи қўрғондир.

Оилада доимо тинчлик ва тотувлик давом этиши учун эру хотин ўзларининг вазифа ва бурчларини тўлиқ адо этиб боришлари лозим.

Аллоҳ таоло эркак кишини унинг жисмоний ва руҳий жиҳатлари билан оила раҳбари бўлишига мос қилиб яратган. Оила қуриш ва унинг осойишталигини сақлаш, бу йўлдаги барча сарф-ҳаражатлар эркак кишининг зиммасидадир. Шундай экан эркак киши асосан оилани ҳар томонлама мустаҳкам бўлиши учун масъулдир.

Мана шундай буюк ва шарафли масъулиятлардан бири аҳли оиласини нафақа билан таъминлашдир. Демак, эркак кишининг энг катта бурчи ўз қармоғидагиларни бошқаларга қарам бўлиб қолишига йўл қўймаслиги экан. Эркакларнинг зиммасига юклатилган аҳли оиласининг нафақаси уларга фарз ҳисобланади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Киши ўз қармоғидагиларини нафақасиз ташлаб қўйиши унинг гуноҳкор бўлишлигига кифоя қилади”,деганлар (Абу Довуд ривояти).

Эр бу вазифани ўзининг умумий иқтисодий ҳолатидан келиб чиқиб бажаради. Ўз навбатида аёл ҳам эридан унинг тоқати етмайдиган нарсаларни талаб қилиши мумкин эмас. Уламоларимиз: “Эрининг топганига қаноат қилмай, ундан янада кўпроқ нарсаларни талаб қилган аёллар гуноҳкор бўлади”, дейишган.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:

“Бой киши ўз бойлигидан нафақа берсин. Кимнинг ризқи танг қилинган(камбағал) бўлса, у ҳолда Аллоҳ унга ато этган нарсадан (ҳолига яраша)нафақа берсин! Аллоҳ ҳеч бир жонни Ўзи унга ато этган (ризқ)дан бошқа нарсага таклиф этмас. Аллоҳ танглик (камбағаллик)дан кейин енгиллик(бойлик)ни ҳам пайдо қилур” (Талоқ сураси, 7-оят).

Савбон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кишини аҳли аёли учун сарф қилган динори Аллоҳ йўлидадир”, деганлар (Муслим ривояти).

Эрнинг оила раҳбари бўлишидаги асосий омил ҳам аҳли аёлига инфоқ қилганидадир. Аллоҳ таоло бу тўғрисида Ўзининг каломида шундай дейди:

“Эркаклар хотинлар устидан (оила бошлиғи сифатида доимий) қоим турувчилардир. Сабаб – Аллоҳ уларнинг айримлари (эркаклар)ни айримлари (аёллар)дан (баъзи хусусиятларда) ортиқ қилгани ва эрлари ўз оиласига ўз мол-мулкларидан сарф қилиб туришларидир...” (Нисо сураси, 34-оят).

Оила сарбони бўлган эр оиласига бошпана, емоқ-ичмоқ, киймоқ каби моддий тарафларини мукаммал адо қилиши, миннат ва азият етказмаслиги ва исрофга йўл қўймаслиги лозимдир.

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам видолашув ҳажларида: “Аёлларингиз борасида Аллоҳга тақво қилинг! Улар сизларнинг ҳузурингиздаги Аллоҳнинг омонатидир. Ўзингиз еганингизда едирмоғингиз, кийганингизда кийдирмоғингиз лозимдир”, деганлар (Термизий ривояти).

Эркак киши аҳли оиласи, фарзандлари эҳтиёжини қондириш учун қилган ҳаракатлари эвазига Аллоҳ таоло унга ажру савоблар ато этади.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Киши аҳли оиласи учун қилган нафақаси инфоқларнинг энг улуғидир”, деганлар.

Оилага инфоқ қилиш орқали Аллоҳнинг ҳузуридаги улуғ мақомларга эга бўлинар экан. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Эр ўз аёлига Аллоҳ йўлида бир луқма едирса, ана шунда ҳам савобга эга бўлади”, деган эканлар (Муслим ривояти).

Эр оиласи учун нафақа топиб, уни уларга едиришида ниятини тўғри қилганлиги боис, улуғ савобларга эга бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта, мусулмон киши бирор бир нарсани Аллоҳдан савоб умид қилган ҳолда оиласига инфоқ қилса, ўзи учун садақа бўлади”, деганлар (Муслим ривояти).

Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, Ислом дини ўз аёлига яхши муносабатда бўлган эркак кишини инсонларнинг энг яхшилари қаторига қўшади. Шу билан биргаликда оила раҳбари бўлмиш эр ўз аёлининг баъзи бир камчиликларига кўз юмишга буюриб, оилани бардавом бўлишини кўзлаб, уларга панду насиҳат қилишни тавсия қилади.

Мақал ибн Ясор розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қайси бир банда ўз зиммасига Аллоҳ томонидан юклатилган масъулиятга бепарво бўлса, жаннатнинг ҳидини ҳидламайди”, дея огоҳлантирганлар.

Эр ўз аёлига у Аллоҳнинг унга берган омонати сифатида қарамоғи, фарзандларини эътиқодли, ахлоқли, ўқимишли қилиб тарбияламоғи лозимдир.

Аллоҳ таоло жамиятимизнинг асоси бўлган оилаларимизни саодатли қилсин!

Жалолиддин ҳожи домла Ҳамроқулов

"Новза" жомеъ масжиди имом-хатиби

Тошкент ислом институти кафедра мудири

Шарҳлар

Кун мавзуси: коронавирус
Об-ҳаво: Ташкент
Валюта курси