«У ДЕЙИШДИ, БУ ДЕЙИШДИ БОЛА ПУЛИНИ БЕРИШМАДИ!»

САВОЛ-ЖАВОБ 27.12.2017, 17:01
2041
«У ДЕЙИШДИ, БУ ДЕЙИШДИ БОЛА ПУЛИНИ БЕРИШМАДИ!»

— Турмуш ўртоғимга марфана (аутосом-доминант хасталик) касаллиги ташхиси қўйилиб, I гуруҳ ногиронлиги белгиланди. Бир нафар қизалоғимиз бор, яқинда билсак, унга ҳам отасининг хасталиги ўтган экан. Аммо гап бунда эмас. Айни дам биз оиламиз билан Чирчиқ шаҳридаги ётоқхоналардан бирида яшаяпмиз. Фарзандимга икки ёшгача бола пулини олиш мақсадида маҳаллага мурожаат қилсам, «Қаерда рўйхатдан ўтган бўлсангиз, ўша ерга боринг», дейишди. Эрим Тошкент вилоятида, ота-онасининг уйига «прописка» қилинган. Мен эса Самарқанд вилояти, Нурота тумани, Огрон қишлоғида доимий яшаш рўйхатида тураман. Бу вазиятда икки ёшгача бола пулини қаердан олишимиз мумкин?

Савол телеграм орқали келган.

— Вазирлар Маҳкамасининг «Кам таъминланган оилаларга ижтимоий нафақалар ва моддий ёрдам тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида»ги №44 сонли қарор, 3-бўлим, 12-бандига асосан, болали оилаларга нафақа ва моддий ёрдам ариза берувчининг доимий яшаш (рўйхатдан ўтиш) жойи бўйича фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органи томонидан оила бошлиғи ёки бошқа муомалага лаёқатли оила аъзосининг ёзма аризаси асосида, бола парвариши бўйича нафақа эса боланинг онаси ёки унинг ўрнини босувчи шахснинг аризаси асосида тайинланади. Алоҳида ҳолларда, оилада муомалага лаёқатли аъзолар бўлмаган тақдирда нафақа ва моддий ёрдам оила аъзоларининг ёзма аризасисиз фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органи раисининг тақдимномаси бўйича тайинланиши мумкин.

Айни вазиятда маҳалла фуқаролари йиғинининг талаби ўринли. Икки ёшгача бериладиган моддий ёрдам пулини олиш учун доимий яшаш ва рўйхатдан ўтиш жойи бўйича мурожаат қилишингиз лозим.

Дилдора ЮСУФБЕКОВА тайёрлади



Шарҳлар

Кун мавзуси: Фото
Об-ҳаво: Ташкент
+0° снегопад
Валюта курси