13

109 ЁШЛИ МУҚИМ МОМО РЎЗИЕВА

Рекорд 12.12.2017, 12:20
752
109 ЁШЛИ МУҚИМ  МОМО РЎЗИЕВА

Момо шу йил 109 ёшга тўладилар. Туғилган саналарини эслай олмайдилар, бу ҳақдаги саволга “Ёз фаслида” деб қўяқоладилар. Лекин таваллуд топган йили аниқ — 1908 йил. Бу рақамлар ҳайратимизни оширади. Ваҳоланки, ҳар бир кишини ҳаёт, турмуш ташвишлари толиқтирса-да, қаҳрамонимиз сингари қалбан узоқ умр кўришни яхши ният қиламиз.

Муқим момонинг 3 ўғил, 3 қизи ва 21 нафар набираси, 17 нафар чевараси бор.

Момо ҳақида маълумот олишда уларнинг кенжа ўғиллари 1953 йилда туғилган Жума Рўзиев кўмаклашди.

— Бугунги мустақилликдаги тўкин-сочинликни кўриб, ҳозирги ёшларга ҳавас қиламан, — дейди момо биз билан суҳбатда. Бу фикрларининг изоҳларини ўғиллари тушунтириб берди:

— Машина, данғиллама ҳовли орзу-ҳавасини назарда тутмаяпдилар. Нон, ош-овқат учун момонинг ота-оналари Бухорога ишлагани кетиб, қайтиб келмаган экан. Уруш даври, очарчилик Муқим момони 3-4 ёшларида етим қолишига сабаб бўлган. Онам ота-оналарининг фақат исмларини эслай олдилар — Хўжақул ота ва Рўзигул ая. Етимлик чоғларида онамни амакилари Арслон бобо қарамоғига олиб, вояга етказганлар.

Узоқ умр кўриш гарови табиий маҳсулотлар билан тўғри овқатланиш, деб ҳисоблайдиган момо ҳозиргача тош тегирмон — ўзларининг шеваларида ёғирчоқда буғдойдан ун тайёрлаб ёпилган нонни истеъмол қиладилар. Сут-қатиқ, ҳўл мевани канда қилмайдиган қаҳрамонимиз гўшт умуман емас эканлар.

Ота-онасиз ўсган бўлишларига қарамай уруш даврида ёлғиз қолган момо икки ўғил бир қизни асраб олиб, улғайтирганлар.

Бутун умр меҳнат қилиб оиланинг ширин ташвишлари билан вақтини мазмунли ўтказган момо айни дамда Қашқадарё вилояти Миришкор туманидаги узоқ умр кўрган камёб кексалардан. 70-80 ёшигача доялик қилганларидан қанча чақалоқни дунёга келтирганларини эса “беҳисоб” дейиш билан чекладилар. Ҳатто ҳозир ҳам ёш оналар чақалоқлари безовталанса, дарҳол Муқим момодан маслаҳат олишга одатланиб қолишган.

Яхши муомала, яхшилик қилиш ва ҳаракатчанлик қаҳрамонимизнинг ҳаётлари давомида йўлдош бўлган ва буни набира, чевараларига насиҳат қилишдан чарчамайдилар.

Шарҳлар

Кун мавзуси: Фото
Об-ҳаво: Ташкент
+14° небольшой проливной дождь
Валюта курси
9554.22
USD 21.48
10637.67
EUR 417.62
121.10
RUB 1.11