Му5
13

Ноёб қобилиятли юртдошимиз

Рекорд 09.12.2017, 17:42
1874
Ноёб қобилиятли юртдошимиз

2016 йилда “Россия 1” телеканалининг “Ноёб қобилиятли одамлар” (“Удивительные люди”) кўрсатувида иштирок этиб, кўрсатув шартига кўра тақдим этилган 51 та авиайўловчининг чипталари ичидан танлаб олинган 5 та чиптадаги маълумотларнинг барчасини тўғри топган ҳамюртимиз Ҳусниддин Исмоиловнинг чиқиши жуда кўпчиликни ҳайратга солди.Биз эса Ҳусниддин Исмоиловни топиб, у билан кўрсатувдаги иштироки ва ­барчани ҳайратга солган иқтидори ҳақида суҳбатлашдик...

— Ушбу кўрсатувга таклиф этилишингиз тарихи ҳақида гапириб берсангиз...

— Ушбу кўрсатувда иштирок этиш орқали ўзимни бахтли инсон сифатида ҳис қилдим. Бунинг асосий сабаби шундаки, кўрсатув эфирга узатилгандан сўнг кўплаб таниш ва нотаниш инсонлар менга табрик ва миннатдорчиликлар билдиришди, бундан жуда хурсандман. Бу кўрсатувда иштирок этишдан олдин 2014-йилги ва 2015-йилги Бутунжаҳон Хотира Чемпионатида иштирок этиб, 5 дақиқада 290 та рақамлар кетма-кетлигини эслаб қолиш орқали Халқаро Хотира Спорти устаси унвонига эга бўлганман. Шундан кейин­ Россия телеканали ходимлари мени ва устозим Шоҳрух-Мирзо Раҳмоновни интернет орқали топишди ва биз билан шартнома имзолашди.

— Кўрсатувга чиқишда сиздан нималар талаб этилди?­

— Энг аввало виртуал мулоқот (скайп) орқали саволларга жавоб бердим ва менга берилган 80 та рақамни 2 дақиқа ичида эслаб қай­та айтиб бердим. Шу билан бирга ўзим ҳақимда ва қизиқишларим ҳақида қисқача видеоролик тайёрлаб, “Россия 1” телеканали ходимларига юбордим. Мана шу аснода “Ноёб қобилиятли одамлар” кўрсатуви иштирокчисига айландим.

— Айтинг-чи, хотирангизни бу усулда мустаҳкамлашга нима туртки бўлган?

— Хотирамни ривожлантиришимга ва мнемоника техникаларини ўрганишга қизиқиш деярли 4 йил олдин пайдо бўлган. Ўша вақтда Тошкентдаги Сингапур менежментни ривожлантириш институтининг 1-босқич талабаси эдим. Андижон шаҳридаги 34-ихтисослаштирилган мактабни ва Андижон Давлат Университети қошидаги 4-сонли академик лицейни имтиёзли тамомлаган бўлишимга қарамасдан институтнинг кучли қобилиятли талабалари ва мураккаб фанлари туфайли ўзимга-ўзим савол бердим: “Муваффақиятга эриштирувчи ва ўқиш жараёнида ёрдам берувчи қандай қобилиятим мавжуд?”. Ушбу саволимга жавоб топа олмаганимдан сўнг янги қобилиятни ўзлаштиришим кераклигини тушуниб етганман. Шундан сўнг устозим Шоҳрух-Мирзо Раҳмоновдан мнемоника техникаларини ўрганишни ва Бутунжаҳон Хотира Чемпио­натига тайёргарлик кўришни бошладим.

— Хотира мустаҳкамлигига эришиш қандай машаққатларни енгишни талаб қилади?

— Бундай даражада хотира мустаҳкамлигига эришиш қийин масала деб ҳисобламайман. Ўз хотирасини тинимсиз шуғуллантириб бориш ва мнемоника техникаларидан унумли фойдаланиш орқали ҳар қандай инсон шундай даражага эришиши мумкин. Фақат метин ирода, сабр, ўз вақтида хатолар устида ишлаш ва мақсад сари тинимсиз ҳаракат қилиш талаб қилинади. Халқаро хотира спорти устаси унвонига эришиш учун 2 йил мобайнида инсон хотираси ҳақида ўқиб изландим ва ҳар куни икки-уч соат вақтимни чемпионатга тайёргарлик машғулотлари учун сарфладим. Шу аснода ўз олдимга қўйган мақсадимга эришдим.

— Хотирани мустаҳкамлашнинг бундай усулида нималарга эътибор қаратасиз, агар сир бўлмаса…

— Албатта бу нарса сир эмас ва буни бошқаларга улашишдан хурсанд бўламан. Мнемоника техникаларини турли шаклдаги маълумотларни эслаб қолиш учун қўллаш мумкин. Бунда мнемоника техникалари тизимини ўзингизга мос равишда тузиб чиқиш лозим ва ҳар хил турдаги маълумотларни эслаб қолиш учун мослаштириш керак. Маълумотларни эслаб қолишда ҳамда машғулотлар жараё­нида эсловчидан фикрини бир жойга жамлаш, шу билан бирга кучли мотивация ва хоҳиш-ирода талаб қилинади. Инсон мияси ва хотираси аниқ мақсадга йўналтирилганда фаол ишлайди ва кўплаб маълумотларни осонлик билан эслаб қолишга ёрдам беради.

— Мнемониканинг шахсий ҳаётингизда ҳам фойда келтирган жиҳатлари бўлганми?

— Мнемоника техникаларини ўрганиш орқали ўзимга ва хотирамга бўлган ишончим янада ортди. Мени паришонхотирлик ёки режалаштирилган ишларни унутиш каби муаммолар тарк этди. Шубҳасиз айтишим мумкинки, мнемоника техникалари ёрдамида инс­титутни юқори баллар олиш орқали биринчи даражали диплом билан тамомладим. Кундалик ҳаётимда эса янги учратган одамларнинг исмларини ёки телефон рақамларини эслаб қолиш каби тушунчалар мен учун муаммо эмас.

Шарҳлар

Кун мавзуси: Фото
Об-ҳаво: Ташкент
+7° переменная облачность
Валюта курси
9532.74
USD 12.4
10220.05
EUR -352.29
119.99
RUB -10.23
rightuz