13

Хотирани мустаҳкамлашнинг ўзбекона усули

Рекорд 09.12.2017, 17:15
1635
Хотирани мустаҳкамлашнинг ўзбекона усули

Инсон хотираси чексиз уммонга ўхшайди. Аммо ҳар ким ҳам унинг имкониятларидан етарлича фойдалана олмайди. Унинг сирлари, имкониятлари неча асрлардан бери инсониятни қизиқтириб келмоқда. Бу борада кўплаб илмий ишлар, тадқиқотлар олиб борилган. Ана шундай йўналишда иш олиб бораётган ҳамюртларимиздан бири ёш олим Шоҳрух-Мирзо Раҳмоновдир. Унинг хотирани ўрганиш — мнемоника борасидаги тадқиқотлари бутун дунё мутахассисларининг қизиқишига сабаб бўлмоқда...

— Мен болалигимдан аж­додларимизнинг буюк кашфиётлари ва уларнинг бетакрор қувваи ҳофизасига, хотира имкониятларига қизиқиб келганман, — дейди Шоҳрух-Мирзо ўз интервьюларидан бирида. — Шу боис мен мия имкониятларидан тўлиқ фойдаланиш ҳақида бош қотириб келаман. Шу мавзуга оид кўплаб илмий изланишлар, асарлар билан танишиб келдим. Айниқса, Тони Бьюзеннинг “Ўзингизни ўйлашга ўргатинг” китоби мени қаттиқ қизиқтириб қўйди. Шундан сўнг мен ўз ҳамюртларимизнинг кўпчилиги ўз имкониятларини англаб етмаганини тушундим. Демак, инсон ўзини ўзи такомиллаштириб бориши керак, деган хулосага келдим.

Шу тариқа Шоҳрух мамлакатимиздан етишиб чиққан илк мнемонист бўлди. Айни пайтда у Фейсбук ижтимоий тармоғида Mnemonika.uz саҳифасини юритмоқда. Бундан хотирани мустаҳкамлашнинг турли усулларини ўрганиш мумкин. Ана шу мақсадга йўналтирилган “Brainclub” клубини ташкил қилди. Унинг келгусидаги орзуларидан бири хотира мустаҳкамлиги бўйича жаҳон чемпио­натини Ўзбекистонда ўтказиш.

Шоҳрухнинг ўзи ҳам феноменал хотирага эга. У беш дақиқа ичида 200 та сонни, бир дақиқада ҳеч нарсани қоғозда қайд қилмасдан 20 та сўзни эслаб қолади. Бу эса унга дарсларни тез, осон ва самарали ўзлаштиришда катта ёрдам беради.

Унинг фикрича мнемоника инсон учун жуда фойдали, айниқса ахборот асрида инсонларда ахборотни тез қабул қилиш ва сақлаш жуда катта аҳамият касб этади.

Шоҳрух-Мирзо бу борадаги билим ва кўникмаларини бошқалар билан ҳам бўлишишни истайди. Унинг “Мукаммал хотира: ёхуд миянгиз қобилиятларини қайта кашф қилинг” номли асари бугунги кунда кўпчилик китобхонларни ўзига жалб этиб улгурган.

Мазкур китоб мактаб ўқувчилари, абитуриентлар ва талабаларга мўлжалланган. Ундаги усул ва тавсиялар имтиҳон олдидан ўқувчи ва талабаларнинг хотираси ва фикрлаш қобилиятини ривожлантиришга катта ёрдам беради.

Шунингдек, унинг иккинчи китоби “Сўз ёдлаш санъати” ҳам ўқувчилар қўлига етиб борди.

Айни пайтда Шоҳрух-Мирзо халқаро аудиторлик ташкилотида фаолият юритади. Хотирани мустаҳкамлаш борасида Хитой, Туркия, Швецияда ўтказилган чемпионатларда иштирок этган. Айни пайтда унинг издошлари ҳам кўпайиб бормоқда. Жумладан, унинг яқин сафдоши ва шогирди Ҳусниддин Исмоилов Бутунжаҳон Хотира Спорти Устаси унвонига эришган.

— Абитуриентлар учун хотирани ривожлантириш курсини амалда синаб кўрдик ва ундан ташқари қизиқувчилар ўртасида Андижон тараққиёт марказида икки маротаба Хотира Чемпионатини ўтказдик, — дейди Шоҳрух-Мирзо биз билан суҳбатда.— Бу соҳани танлашимга сабабкамроқ вақт сарфлаб, кўпроқ ишга улгуришдан иборат ва шу йўналишда бошқаларга ҳам ёрдам бермоқчиман.

Шоҳрух-Мирзо яқинда “Россия1” телеканалида намойиш этилган “Удивительные люди” шоу-дастурида иштирок этиб ҳакамлар ҳайъатини ноёб хотираси билан ҳайратга солди. У турли сурат парчаларини қайси рассомнинг қайси асарига тегишли экани ва у нечанчи йилда ишланганини қийналмасдан айтиб бера олди. Айтиш жоизки, бу дастур учун иқтидорли иштирокчилар кастинг асосида салкам уч ой давомида аниқланди. Натижада Россия ва МДҲнинг қирқдан ортиқ шаҳар ва вилоят­ларидан 48 киши танлаб олинди. Улар орасида андижонлик ҳамюртимиз Шоҳрух-Мирзо Раҳмоновнинг юқори натижа қайд этгани қувонарлидир.

Шарҳлар

Кун мавзуси: Фото
Об-ҳаво: Ташкент
+15° небольшой проливной дождь
Валюта курси
9554.22
USD 21.48
10637.67
EUR 417.62
121.10
RUB 1.11