my5
all

Ўзбекистоннинг кредитлаш соҳасидаги рейтинги 24 поғонага кўтарилди

ЖАМИЯТ 18.02.2014, 11:26
9583
Ўзбекистоннинг кредитлаш соҳасидаги рейтинги 24 поғонага кўтарилди
2014 йилги иқтисодий дастурнинг энг муҳим вазифалари ва устувор йўналишларидан келиб чиқиб, Марказий банк томонидан “Ишбилармонлик муҳитини шакллантириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва янада рағбатлантириш борасида 2014 йилда банк тизими олдида турган долзарб вазифалар” мавзуида амалий учрашув бўлиб ўтди.

Унда банк тизими, Савдо-саноат палатаси, “Тадбиркор аёл” уюшмаси, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати, Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази ва бошқа ташкилотларнинг раҳбар ва масъул ходимлари, таълим муассасалари битирувчилари, ишбилармон доиралар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Тадбирда сўнгги йилларда кичик бизнесни кредитлаш ҳажми кескин оширилгани таъкидланди. Биргина 2013 йилнинг ўзида тадбиркорлик субъектларига 6,9 трлн. сўм миқдорида кредитлар ажратилиб, ушбу кўрсаткич 2000 йилга нисбатан 67 баробардан зиёд ўсди.

Бунда ёшларнинг тадбиркорлик фаолиятини молиявий қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларининг тадбиркорлик фаолиятини молиялаштиришга ажратилган кредитлар ҳажми сўнгги 3 йил давомида 5,5 баробар ўсиб, 2013 йил якунлари бўйича 140,1 млрд. сўмни ташкил этди.

Республика ҳудудларида хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасини ривожлантириш учун эса тижорат банклари томонидан ўтган йил давомида 899,7 млрд. сўмлик ёки 2012 йилга нисбатан 1,4 баробарга кўп кредитлар ажратилди.

Шу билан бирга, банк тизими инфраструктурасини яхшилашга дахлдор бир қатор янги қонунлар қабул қилинди, кичик бизнес субъектларини кредитлашга оид тартиблар мазкур жараённи янада соддалаштириш ва тадбиркорларга қулайликлар яратиш нуқтаи назаридан қайта кўриб чиқилди.

Бугунги кунда тадбиркорларга барча масалалар юзасидан тезкор равишда зарурий амалий ёрдам кўрсатиб борилмоқда. Хусусан, Марказий банк тизимида хўжалик юритувчи субъектлар ва фуқароларнинг мурожаатлари қисқа муддатларда махсус ташкил этилган Ишчи гуруҳ томонидан кўриб чиқилмоқда, “Ягона ишонч телефони” фаолият кўрсатиб келмоқда, Республика Марказий банки раисига бевосита электрон мурожаат қилиш тартиби йўлга қўйилди. 

Таъкидлаш жоизки, ишбилармонлик муҳитини яхшилаш ва тадбиркорлик субъектларига янада қулайликлар яратиш мақсадида амалга оширилаётган кенг кўламли чора-тадбирлар халқаро молия институтлари томонидан ҳам эътироф этилмоқда. 

Хусусан, Жаҳон банки ва Халқаро молия корпорациясининг 2013 йилнинг октябрь ойида эълон қилинган “Бизнесни юритиш” (Doing business) бўйича ҳисоботида Ўзбекистоннинг кредитлаш соҳасидаги рейтинг кўрсаткичлари 24 поғонага кўтарилган.

Учрашувда, шунингдек, тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш ва жадал ривожлантириш, ёшларни тадбиркорлик соҳасига кенг жалб этиш, аҳолининг, айниқса, ёшлар бандлигини оширишга қаратилган қонунлар, Президент фармон ва қарорлари, Ҳукумат қарорлари билан жорий этилган қулай шарт-шароит ва имтиёзлар тўғрисида батафсил тушунтиришлар берилди.

Шарҳлар

Кун мавзуси: коронавирус
Об-ҳаво: Ташкент
+28° небольшая облачность
Валюта курси
10173.38
USD 0.62
11411.48
EUR 43.42
145.97
RUB -0.42