my5

​Мучал ёшида қабристонга тугун бериш керакми?

САВОЛ-ЖАВОБ 14.04.2017, 10:19
9651
​Мучал ёшида қабристонга тугун бериш керакми?

— Ўғлим бу йил 24 ёшга тўлди. Қўшнилар «Мучал ёшига етган одам оққанд, оқ сурупдан тугун қилиб, қабристонга бериб келиши керак», дейишаяпти. Нима учун шундай қилинади, деб сўрасам, «Ирими шунақа», дея жавоб беришди. Айтинг-чи, динимиз ва урф-одатларимизда, асли, бор удумми бу ёки ўйлаб чиқарилганми? Нима сабабдан шундай қилинади?

Матлуба, Тошкент шаҳри

Одилхон қори ЮНУСХОН ўғли, Тошкент шаҳар, Шайҳонтоҳур туман бош имом хатиби, «Шайх Зайниддин» жоме масжиди имом-хатиби: — Мучал қадимда шарқ халқлари йил ҳисобини билиш учун мурожаат қиладиган ўзига хос тақвим бўлиб, унинг динимизга тааллуқли жойи йўқ. Қадимги халқлар 12 йилда айланиб келадиган шундай тақвим тузишган ва ҳар бир йилга маълум ҳайвоннинг номини беришган. Чунки бу вақтда мазкур халқларда ҳозиргидек осонлаштирилган араб рақамлари бўлмаган. Ва милодий ва ҳижрий йилномалар ҳам ҳали жорий қилинмаган вақт бўлган. Шунингдек, одамлар орасида мучалга боғлиқ турли-туман хурофий эътиқодлар ҳам пайдо бўла бошлаган. Бидъат одатлар юзага келган. Улардан бирини саволингизда зикр қилибсиз. Мучал йилида оқсурпдан тугун қилиб, қабристонга ташлаб келиш керак, деган нарса динимиз таълимотида йўқ! Бу чаламуллалар ва авом халқ томонидан ўйлаб топилган бидъатдир. Валлоҳу аълам.

Мадина АЛИЕВА, ўқитувчи: — Мучал ёши ҳар ўн икки йилда бир марта келгани учун, одамлар шу ўн икки йилни соғ-саломат яшаб ўтганлари, янги мучал ёшига эсон-омон етиш умидида эҳсон қилишган. Бироқ эҳсон қилишни истаган киши маълум йил, ой ёки кун келишини кутиб ўтирмасдан, чин кўнгилдан чиқариб, исталган пайтда эҳсон қилиши мумкин. Фақат бу ишлар «Қабристонга нарса ташлаб келсам, узоқ яшайман, соғ бўламан» дегани ният билан эмас, «Аллоҳнинг розилиги учун муҳтож кишига эҳсон қилаяпман» деган ният қилинса, тўғри бўлади, назаримда.

Саодат тайёрлади.

Шарҳлар

Кун мавзуси: коронавирус
Об-ҳаво: Ташкент
+37° ясно
Валюта курси
10139.30
USD 9.74
11051.84
EUR 96.72
141.35
RUB 3.81