my5
all

​АЛИШЕР НАВОИЙ ВА СУЛТОН САНЖАР

МОЗИЙДАН САДО 06.02.2017, 10:34
Теглар: Юрагимда сақлаганларим
7593
​АЛИШЕР НАВОИЙ ВА СУЛТОН САНЖАР

“Хун баҳоси учун мана пул, қасос олмоқчи бўлсанг, мана шамшир!”

Номи афсоналарга йўғрилган туркий ҳукмдорлардан бири Салжуқийлар салтанатининг сўнгги ҳукмдори Султон Муиззиддин Абул Хорис Санжар ибн Маликшоҳдир.

Сулоланинг сўнгги ва қудратли вакили

Маълумотларга кўра, у Ироқнинг ҳозирги Синжар шаҳри ҳудудида 1086 йилда туғилган. Айрим маълумотларга кўра, унинг исми ўзи туғилган шаҳар номидан олинган дейилса, бошқа манбаларда туркий тилдаги “санчар, санчувчи, ҳужум қилувчи” маъноларини бериши айтилади.

У акаси султон Ғиёсиддин вафотидан сўнг, 1118 йили тахтга ўтиради. У ўз давлатининг пойтахтини ҳозирги Туркманистон ҳудудидаги Марв (Мари) шаҳри ҳудудига кўчирган. Кейинчалик Мовароуннаҳр, Хуросон ва Хоразмни ўзида бираштирган улкан салтанатга асос солган.

Маълумотларга кўра, Султон Санжарнинг номи Қашқардан Ямангача, Ғазнадан Умонгача, Онадўлидан то Ҳижозгача хутбага қўшиб ўқилган. Бироқ, 1141 йилда Мовароуннаҳрга Қорахитойларнинг бостириб кириши Султон Санжар ҳокимиятини заифлаштирган. Айниқса, Қатвон чўлидаги жанг Салжуқийларни қақшатқич зарбага учратади.

Гарчи узоқ уринишлардан сўнг у ҳокимиятнинг бир қисмини қайтариб олишга муввафақ бўлса-да, олдинги куч-қудратини йўқотиб бўлганди. Тарихий маълумотларга кўра, Султон Санжар 1157 йилда Марв шаҳрида оғир хасталикдан вафот этади.

Султон Санжар ўз даврида фан, маданият ва санъат ҳомийси сифатида ҳам довруғ таратади. Унинг саройида ўз даврининг машҳур шоир ва уламолари тўпланган. У Марв ва бошқа кўпгина шаҳарлар, жумладан Самарқандда ҳам бир қатор меъморий ёдгорликлар қурдиргани маълум. Бироқ, бу бинолар мўғуллар босқини пайтида вайрон қилинган.

Ривоятлар тилга кирганда...

Султон халқ оғзаки ижоди ва бадиий адабиётда адолатли, халқпарвар, оқил ҳукмдор сифатида гавдаланади. Халқ орасида Султон Санжар номи афсона ва ривоятларга йўғрилиб кетган. Бир ривоятга кўра, Султон Санжар ўзига сарой қурдирмоқчи бўлади. Лекин саройнинг марказида ўрнатиш учун баланд, тўғри устун керак бўлади. Унга мос дарахтни ҳеч қаердан топа олишмайди. Ниҳоят бир кампирнинг ҳовлисида устунбоп дарахт топилади. Шоҳ ушбу дарахт учун кампирга жуда катта инъомлар беради. Шу билан бирга истаган пайтда саройга келиб, уни кўтариб турган устунни кўриб кетиш ҳуқуқини беради.

Кампир сарой битгач, томошага келади ва унга кўрк бағишлаб турган устунни оҳиста силайди: “Агар сен эгри ўсганингда аллақачон ўтинга айланардинг, тўғри ўсганинг сабаб султон саройидан жой олдинг, менга ҳам катта давлат ва иззат олиб келдинг”, дейди.

“Шоҳ Ғозий” ҳиммати

Бу мазмундаги ҳикоятлар мумтоз адабиётга ҳам кўчиб ўтган.

Ҳазрат Навоийнинг “Ҳайрат ул-аброр” достонида ҳам “Шоҳ Ғозий ва кампир” ҳикояти мавжуд бўлиб, унда воқеалар сал бошқачароқ талқин қилинади.

Кампир Шоҳ Ғозийнинг ҳузурига келиб, унинг аскарлари бир жангда яккаю ёлғиз ўғлини ўлдиришгани, бунинг шоҳ қонун олдида жавоб бериши лозимлиини айтади. Шоҳ кампирнинг талабини қондириш у билан учун қозининг ҳузурига боради. Қози ҳам ҳаққоний ҳукм чиқаради. Шоҳ ё кампирнинг ўғли учун хун пули тўлаши лозим ё кампирга қасос олиш имконини бериш керак. Шунда шоҳ иккиланмасдан юз ҳамён тилла ва қилич келтиришларини буюради: “Хун баҳоси учун мана пул, қасос олмоқчи бўлсанг, мана шамшир!” Кампир унинг адолатидан лол қолади ва шоҳнинг оёғига йиқилиб узр сўрайди. Шоҳ эса, кампирнинг иззат-ҳурматини ўз ўрнига қўйиб, уни олтину кумушга кўмади.

Ҳазрат Навоий бу ўринда Султон Санжар номини тилга олмаса-да, сўз айнан у ҳақда кетаётганга ўхшайди. Чунки, тарихда Султон Санжарнинг ғайридин ўғузларга қарши курашиб Ғозий номин олгани тарихдан маълум. Бошқа бир гуруҳ олимлар эса, бу ўринда сўз Ҳусайн Бойқаро ҳақида бораётганини айтадилар. Чунки, Навоий кўп асарларида ўз дўстига “Шо Ғозий” дея мурожаат қилади.

Нечта Султон Санжар бор?

Кўп ўринларда у ўз дўстини адолат ва куч-қудратда Султон Санжар билан қиёслаган. Ҳусайн Бойқарога атаб ёзилган “Туҳфатул-афкор” қасидасида шундай мисралар бор:

Мулки дил пири жавонро ҳаст ободон зи ишқ,

Бонии Марви куҳан Санжар зи нав хам Санжар аст.

Бу ўринда ишқ кексаю ёшнинг қалбини бирдек обод қилишини айтиб, чиройли ўхшатиш қилади. Кўҳна Марвни Санжар бино қилганди, янги Марвни ҳам у бошқармоқда. Бу ўринда Навоий уч аср аввал Марвнинг ҳокими Сутон Санжар бўлганию, ҳозир ҳам Султон Санжар исмли бошқа бир ҳукмдор шаҳарни бошқараётганини эслатади. Тарихдан маълумки, Султон Ҳусайн Бойқаро тахтни эгаллашидан аввал бир муддат Марв Ҳукмдори бўлган Султон Санжар ҳузурида яшаган ва унинг қизи Бека Султонбегимга уйланган. Шу боис ҳар икки ҳукмдорни фарқлаш мақсадида Салжуқийлар ҳукмдори бўлган Султон Санжар номига “Мозий” (аввалги, ўтган замондаги) сифатига қўшиб айтишган.

Шу билан бирга Ҳазрат Навоий ҳам Марвда маълум муддат яшаган, бу пайта келиб, вайронага айланган Султон Санжар Мозий мақбарасини қайта тиклашга бош-қош бўлган.

Рустам Жабборов

Шарҳлар

​ҚИММАТГА ТУШГАН “МУҲАББАТ”

25.07.2017, 11:04

Бирон бир ишни бошлаш осон кечмайди. Немисларда ҳам “ҳамма ишнинг бошланиши оғир” деган мақол бор. Қанча меҳнат, маблағ ва тинимсиз ҳаракат зарур. Ҳужжатларни тўғрилаш, маълум...
​Шубҳага эргашиб…

11.07.2017, 12:11

Насиба кўзини тўйхонанинг тўрт томонига югуртириб эрини излай бошлади. Қани у? Тополмагач, ўрнидан турди-да, бутун ташвишларини унутиб шўх таронага рақс тушаётганларни оралаб, эшик томон юрди....
​Япроқдаги нур

29.06.2017, 14:11

Қизлар ётоқхонасининг юқори қаватига кўтарилаётганимда қаттиқ ҳаяжонланиб кетдим. Кўришмаганимизга ҳам анча бўлди. Қандай кутиб оларкин? Нимадан гап бошласам экан? Бу учрашувимиз нима билан тугаркин? Ҳар...
​МЕҲРИБОН

28.06.2017, 15:27

Собира календарга қаради. Ўн еттинчи феврал… Эртага ўғли билан учрашади. Иккиларининг ҳам туғилган кунлари. Юрагини темир қўллар ғижимлагандек бўлди. Соғинган, жуда-жуда соғинган…Уч йил муқаддам…Собира ўзи...
Кун мавзуси: коронавирус
Об-ҳаво: Ташкент
Валюта курси