my5

Қарши шаҳар ҳокими вафот этган фуқарога ер берди. Ҳатто марҳумга 10 кунда ҳужжатларни расмийлаштириш вазифаси юкланди

ЖАМИЯТ 13.08.2020, 14:46
800
Қарши шаҳар ҳокими вафот этган фуқарога ер берди. Ҳатто марҳумга 10 кунда ҳужжатларни расмийлаштириш вазифаси юкланди

Қарши шаҳар ҳокими 2017 йил вафот этган фуқарога 2018 йил доимий фойдаланиш учун ер берди. Ва марҳумга ҳужжатларни 10 кунлик муддатда расмийлаштириш масъулиятини юклади. Бу ҳақда «Дарё» Қарши шаҳар маъмурий суди раиси Азамат Хушвақовга таяниб, ёзмоқда.

Таъкидланишича, шаҳар ҳокимининг марҳумга ер бергани шаҳар маъмурий судининг 2020 йил 16 июлдаги суд мажлисида фош қилинган. Айни кунда ҳал қилув қарори устидан шикоят қилиш мумкин бўлган 20 кунлик муддат ҳам тугаб, суд қарори кучга кирган.

Қарши шаҳар маъмурий суди раиси Азамат Хушвақовнинг маълумот беришича, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Қашқадарё вилоят бошқармаси «Бешкент исузи автохолдинг» МЧЖ манфаатини ҳимоя қилиб, Қарши шаҳар маъмурий судига даъво ариза киритган ва шаҳар ҳокимининг 2018 йил 16 октябрдаги, 2020 йил 28 январдаги қарорларини ҳақиқий эмас деб топишни сўраган.

«Қарши шаҳар ҳокимлиги 2018 йил 16 октябрдаги қарори билан 2017 йил 25 июнь куни вафот этган, марҳум Бахтиёр Сайфуллаевга 764,2 метр/кв ер участкасидан доимий фойдаланиш ҳуқуқини берган. Энг ёмони, ҳокимлик марҳум уларга мурожаат қилганини, унинг мурожаатига кўра фуқарога ер берилганини, ер ҳужжатларини расмийлаштириш мақсадида марҳумга 10 кунлик муҳлат берилганини маълум қилган. Шунингдек, ҳокимлик 2020 йил 28 январдаги қарори билан ‘Бешкент исузи автохолдинг’ МЧЖга ҳокимиятнинг 2019 йил 16 декабрь кунидаги қарори билан ободонлаштириш учун берилган 200 метр/кв ерини олиб қўйган. Ҳатто, бу ҳақда ерга эгалик қилиб келган МЧЖ вакилларини ҳам огоҳлантирмаган», — дейди суд раиси Азамат Хушвақов.

Ойдинлик киритилишича, 2018 йил Қарши шаҳрига Жамшид Фозилов раҳбарлик қилган. Фозилов Халқ депутатлари Қашқадарё вилояти кенгашининг 2019 йил 26 октябрдаги навбатдан ташқари сессиясида Чироқчи ва Миришкор тумани ҳокимлари билан бирга масъулиятсизлиги сабаб ишдан олинганди.

Қўшимча қилинишича, судья Азамат Хушвақов раислигидаги суд Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Қашқадарё вилоят бошқармасининг даъво аризасини қаноатлантириб, Қарши шаҳар ҳокимнинг марҳумга ер бериш ҳақидаги 2018 йил 16 октябрдаги ҳамда «Бешкент исузи автохолдинг» МЧЖга тегишли 200 метр/кв ерни олиб қўйиш ҳақидаги 2020 йил 28 январдаги қарорларини ҳақиқий эмас деб топган.

Эслатиб ўтамиз, Чироқчи туман ҳокими ҳам 2011 йил 31 декабрь куни 2010 йил 24 ноябрда вафот этган марҳум Юсуф Абдумўминовга Чироқчи—Шаҳрисабз автомобиль йўли ёқасидан 20 метр/кв ер ажратиб бергани ҳақида хабар берилганди.

Шарҳлар

Кун мавзуси: коронавирус
Об-ҳаво: Ташкент
+11° ясно
Валюта курси
10321.21
USD 5.59
12003.57
EUR -207.03
132.07
RUB -4.21