my5
28

Масъуллар ҳар доим ҳам ўғри эмас! Эрнинг хотинидан яширган пули учун ҳам мансабдор жавобгарми?

ЖАМИЯТ 12.08.2020, 03:51
2112
Масъуллар ҳар доим ҳам ўғри эмас! Эрнинг хотинидан яширган пули учун ҳам мансабдор жавобгарми?

Бир нарсани тушунмайман. Нега доим масъуллар ҳар жабҳада айбдор бўлавериш керак? Ижтимоий тармоқларни кузатар эканман, мансабдорлар гўёки ёппасига порахўр, қаллоб ёки ўғридек изоҳларда талқин қилинади. Кечирасизу, қачонки биз бу нореал қарашларимизни ўзгартирмас эканмиз, асл ҳақиқатдан йироқлашиб кетаверамиз. Журналистнинг вазифаси кимнингдир ёнини олиш эмас, балки, ҳақиқат учун курашишдир. Шундай экан, менинг бугунги ҳақиқатим барча мансабдорларнинг ҳам айбдор эмаслигини исботлашга қаратилган. 

Қурбон ҳайити арафасида аҳолининг эҳтиёжманд қатламига тарқатилган 1 миллион сўм атрофидаги ёрдам пуллари мавзуси байрамни унуттириб юборадиган даражада кун мавзусига айланди. Кимдир ўғирлади, кимдир ўғирлатди, кимдир туҳмат қилди. 

Журналист Шокиржоновнинг Телеграм каналида эълон қилинган бу эътироз эътиборимни тортди:

“Ассалому алайкум!

Мен Сурхондарё вилояти Қумқўрғон тумани «Жозиба» маҳалласида яшайман. Шу маҳалла раиси С.Норқулов ва ўринбосари А.Пиримқулов кам таъминланган оилаларга моддий ёрдам кўрсатиш учун ажратилган маблағларни «1.000.000 сўм олдим», деб имзо қўйдириб аммо 500.000 сўм бериб суиистеъмол қилишмоқда.

Бу пуллар чет эл банкларидан қарзга олинмоқда. Тўлов вақти келганда бу пулларни барча солиқ тўловчилар тўлашга мажбур бўлади. Илтимос, шу муаммони ечишга ёрдам берингизлар”.

Бироз ўтиб, туманнинг Телеграм каналига ушбу эътирозга муносабат билдирилди. Келтирилишича:

Ижтимоий тармоқларда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Коронавирус пандемияси даврида ижтимоий ҳимояга ва ёрдамга муҳтож аҳоли қатламларини моддий қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 2020 йил 30 июлдаги ПФ-6038-сон Фармонига мувофиқ жойларда аҳоли қатламларига моддий ёрдам пулининг ўз вақтида, тўғри ва тўлиқ ажратилиши юзасидан ижтимоий тармоқларда қизғин муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Жумладан, журналист Шокиржоновнинг телеграм каналида жорий йилнинг 31 июль куни Сурхондарё вилояти Қумқўрғон тумани “Жозиба” маҳалласида яшовчи фуқаро Ў.Бердияровнинг мурожаати эълон қилинди. 

Унда маълум қилинишича, “Жозиба” маҳалласи раиси С.Норқулов ва ўринбосари А.Пиримқулов кам таъминланган оилаларга моддий ёрдам кўрсатиш учун ажратилган маблағларни “1.000.000 сўм олдим”, деб имзо қўйдириб, аммо 500.000 сўм бериб суиистеъмол қилишганлиги кўрсатилган. Мазкур ҳолат Қумқўрғон туман прокуратураси, туман ҳокимлиги вакиллари, туман 4-сектор раҳбари, туман Кенгаш депутати ҳамда мурожаат этувчи фуқаролар иштирокида зудлик билан жойига чиқиб ўрганилди.

Аниқланишича, 2020 йил 31 июль куни тахминан соат 12:00 ларда Қумқўрғон тумани “Жозиба” маҳалласи раиси С.Норқулов ва унинг ўринбосари А.Примқуловлар фармонга асосан “Жозиба” маҳалласида яшовчи эҳтиёжманд оила бошлиғи Тўраев Сафар Бўтаяровичнинг хонадонига бориб, бир марталик бир миллион сўм пулларни фото суратга олиб фуқаро С.Тўраевга тўлов қайдномаси асосида имзо қўйдириб берган. 

Ўрганишда, фуқаро Ў.Бердияров (хонадон куёви) қайнонаси Х.Пардаева билан суҳбатда маҳалла томонидан 500.000 сўм берганлигини айтган. Аслида эса, Ў.Бердияров қайнотаси С.Тўраевга берилган бир миллион пулларни санаб олган, аммо, қайнонаси Х.Пардаевага 500.000 олганлиги ҳақида ёлғон гапирган, қолган 500.000 сўм пулларни кўрсатмай ўзида сақлагани ва ушбу пулларни ўз эҳтиёжи учун ишлатмоқчи бўлган. 

Фуқаро Ў.Бердияров эса қайнонасининг гапига асосан, аслида нима бўлганлигини қайнотасидан сўрамасдан Ўзбекистон Республикаси Президентининг почтаси ва Кун.уз сайти махсус мухбири
Ш.Шокиржоновга телефон оркали мурожаат қилган. 

Текширишда, С.Тўраевга тақдим этилган бир миллион сўм пуллар маблағлари хозирда ўзида эканлиги тўғрисида тегишли ташкилотлар томонидан 01.08.2020 йилда далолатнома расмийлаштирилган.
 


Ҳудди шунга ўхшаш ҳолат яқинда Тошкент шаҳрининг Сергели туманидаги маҳаллалардан бирида ҳам содир бўлганди. Эр ва хотин ойлар давомида турли ижтимоий нафақаларни олиб юриб, бир-бирига айтишмаган. Натижада, уларда маъсулларга нисбатан ишончсизлик уйғонган. Кейин уялмай “пул талашиш намойиши”га чиқишган. Аслида эса бу ишонч фуқаро ва давлат ўртасида эмас, эр ва хотин ўртасида кўтарилгани исботланди. 

Мана шу тоифадаги инсонларга айтадиган биргина сўзим – уялинг! Давлат раҳбари айнан сизнинг фаровонлигингиз учун курашаётган, масъуллар минглаб аҳоли орасидан сизни муносиб топиб, ижтимоий ҳимоясига олган бир пайтда ношукрлик қилманг. Сиз ва сиз каби инсонлар барчанинг байрам кайфиятини буздингиз. Халқ орасида норозилик кайфиятини уйғотдингиз. Сиз, аввало, давлат эмас, ўз оилангиз орасида ўзаро ишонч қозонинг. Зеро, оила ҳам кичик бир давлат, кичик жамиятдир. Унда ишончнинг дарз кетишида масъуллар айбдор эмас. Ҳеч бўлмаса, шу пайтда уларни айбламанг.

 

Сардорбек Раҳмонқулов 

Шарҳлар

Кун мавзуси: коронавирус
Об-ҳаво: Ташкент
+14° ясно
Валюта курси
10295.33
USD 21.16
12194.82
EUR 32.26
137.65
RUB 1.37